Бекзод Қодирқулов: "Сен урмасанг, сенга уришади" деган нақл ўз сўзини айтди"

Sherzod Nurmatov
12 авг 2021
Про лиганинг 15-туридан ўрин олган "Янгиер" - "Шўртан" (0:1) учрашувидан сўнг мезбонлар бош мураббийи Бекзод Қодирқулов ўз фикрларини билдирди.

- Ўйин ҳақида

- Икки жамоа ҳам ҳужумкор ва очиқ ўйин кўрсатди. Жамоамиз ҳужумларни муваффақиятли якунлаш борасида оқсаяпти. "Сен урмасанг, сенга уришади" деган нақл ўз сўзини айтди. Яхши тайёргарлик кўрган эдик, аммо диққат-эътиборни йўқотиб қўйиш орқали гол ўтказиб юбордик. Ўйин эса тенг курашлар остида кечди.

- Учрашув 17:00 да бошланиши қанчалик тўғри деб ўйлайсиз? Бу футболчиларга қийинчилик туғдирмайдими?

- Тўғри, ўзига яраша қийинчиликлари бўлди. 17:00 да футбол ўйнаш жуда ҳам қийин. Айниқса, футболчиларимиз биринчи бўлимда анча қийналишди. Нега бу вақтга белгиланганига ҳайронман, 17:30 ёки 18:00 га белгиланса ҳам бўларди. Иссиқ ҳаво баҳона бўлмаслиги керак, ўзимизда ҳам камчиликлар бор, хатолар устида ишлаймиз. 

- Биринчи даврада асосий ҳимоячилардан бири бўлиб ўйнаган Улуғбек Худойбердиев икки учрашувдан бери майдонда кўринмаяпти. Бунинг сабаби нимада?

- Улуғбек Худойбердиевнинг жароҳати бор эди. Ҳозирги пайтда машғулотларда астойдил меҳнат қиляпти. Худо хоҳласа тез орада сафга қайтади.

- Кейинги ўйинларда "Янгиер" жамоаси асосий таркибида ўзгариш бўладими?

- Албатта, бўлади. Ютган таркиб алмаштирилмайди, деган фикрга қўшилмайман. Кейинги баҳсларда албатта, ўзгаришлар бўлиши мумкин.


Sherzod NurmatovМуаллиф
Манба: championat.asia