

Учрашувда Дамир Темиров томонидан урилган ягона гол меҳмонларга ғалаба келтирди. Ярим ҳимоячи айни пайтда 4та гол билан Суперлигада жамоасининг тўпурари бўлиб турибди. Учрашувдан сўнг Дамир Темировнинг фикрлари билан қизиқдик.
- Ўйин ҳақида...
- Томошабоп ва курашларга бой ўйин бўлди, дея оламан. Чинакам Тошкент вилояти дербиси бўлди. Мухлислар ва жамоадошларимга раҳмат айтаман.
- "Металлург" бу йил иккита ўйинда ҳам АГМКни мағлуб этишга эришди. Бу борада рақибга қарши махсус тайёргарлик кўрилганмиди?
- Ҳар бир ўйинга рақибдан келиб чиқиб тайёргарлик кўрамиз. Уларни ўрганамиз. Мураббийлар бу борада тегишли кўрсатмаларни беришади.

- Бурчакдан тўғри рақиб дарвозасини ишғол қилдингиз. Бу қандай амалга ошди?
- Машғулотларда стандартлар устида кўп ишлаймиз. Голга келсак, омадим келди. Ўйлайманки бу охиргиси бўлиб қолмайди.
- Мавсум охиригача нечта гол уришни мақсад қилгансиз?
- Ўз олдимга доим максимал вазифа қўяман. Нечта гол уриш насиб қилган бўлса, шунча тўп киритаман. Ҳаммаси худодан.

- АГМКнинг бошқалар пайқамайдиган қандай хатоларини сездингиз?
- Бошқа жамоанинг хатоларини муҳокама қилмоқчи эмасман. Футбол камчиликлардан иборат.



