Абдумутал Турсунқулов: "Насиб бўлса "Оқ-тепа" майдонидан ҳам ғалаба билан қайтамиз"

Narzulla Saydullayev
6 nov 2020
ПРО-Лига 15-туридан ўрин олган "Истиқлол" - "Зомин" (1:3) учрашувидан сўнг меҳмонлар таркибида энг яхши футболчи Абдумутал Турсунқулов ўз фикрларини билдириб ўтди.






- Абдумутал, бугунги ўйин ҳақида фикрларингиз...

- Қийин ўйин бўлди. Дастлабки майдонга мослашишда бизда озгина қийинчилик бўлди. Рақиб жамоа ўз уйида ўйнаётгани боис ўйиннинг дастлабки дақиқаларида бизга босим ўтказди. Гол ўтказиб юборганимиздан сўнг биринчи бўлимнинг 15-20 дақиқаларига келиб "Истиқлол" футболчиларида толиқиш кўзга ташланди. Шундан сўнг бизда ўзимизга бўлган ишонч ортди. Шунингдек, иккинчи бўлим бошида рақиб футболчисининг майдондан четлатилиши ғалаба қозонишимиз учун сабаблардан бири бўлди.

- Натижалардан келиб чиқса, "Зомин" уйдаги учрашувлардан кўра сафарда яхшироқ ўйин намойиш этмоқда. Буни қандай изоҳлайсиз?

- Агар ўйинларимизни кузатиб бораётган бўлсангиз, ҳеч қайси жамоа бизни яққол устунлик билан, кетма-кет ҳужумлар ташкил этган холда мағлуб этгани йўқ. Мана ҳозирги кунда ПРО-Лига баҳслари телевидение орқали намойиш этилмоқда. Баъзида бизга омад етишмаяпти, аслида рақиблар билан тенгма-тенг ўйин намойиш этмоқдамиз. Айнан шу каби холатлар устида ишладик, натижаларимиз ҳам яхшиланди. Насиб бўлса навбатдаги учрашувларда ҳам ғалаба қозонишга ҳаракат қиламиз.

- Бугун асосий рақибларинг "Оқ-тепа" ва "Хоразм" жамоалари ўртасидаги учрашувда дуранг натижа қайд этилди. Навбатдаги ўйинда "Оқ-тепа" билан ўйнайсизлар. Бугунги ғалаба сизларга кейинги учрашув олдидан қандай иштиёқ беради?

- Биз ҳар доим ғалаба учун майдонга тушамиз. Рақиб ким бўлишининг фарқи йўқ, "Нефтчи", "Шўртан", "Оқ-тепа" каби жамоалар билан ўйинларда ҳам фақат ғалаба қозониш учун ҳаракат қилганмиз. Насиб бўлса "Оқ-тепа" майдонидан ҳам ғалаба билан қайтамиз.


Narzulla SaydullayevМақола муаллифи
Муқова: championat.asia

Изоҳлар