

- Ўйин ҳақида фикрингиз?
- Бугун жуда оғир учрашувни ўтказдик. Тўртта учрашувдан бери ғалаба қозона олмаяпмиз, натижа кунга кунга ёмонлашиб бормоқда. Шунга қарамай, мухлислар стадионга келяпти ва бизни қўллаб туришибди, бунинг учун уларга раҳмат айтаман. Ўйинга келадиган бўлсак, қандайдир ўрага тушиб қолганмиз ва бундан чиқа олмаяпмиз. Таркибимизга қаранг, ўтган йилги ўзакни сақлаб қолганмиз, ўйин услубимиздан ҳам воз кечганимиз йўқ. Бугун ўрадан чиқиб олишимиз керак эди. Мухлислардан узр сўрайман, ҳамма айбни ўз бўйнимга оламан.
- Биринчи таймда Бобомурод Бозоров ҳимояда ўйнади ва иккинчи бўлимда сиз уни олдинга ўтказгач янада фойдали ҳаракат қила бошлади.
- Биринчи бўлимдаги схемамиз 4-4-2 эди. Гол ўтказгач, 3-5-2га ўтдик. Тезроқ вазиятни ўнглаш учун шу тактикага ўтдик. Шунча ҳаракат қилдик, бироқ ҳисобни тенглаштира олмадик.
- Григол Чабрадзенинг жароҳати бўйича?
- Бу борада шифокорлар хулосасини кутамиз. Шундан сўнг аниқ жавоб берса бўлади.
- ОАВда "Қизилқум"да бош мураббий ўзгаради каби гаплар бонг уряпти. Бунга муносабатингиз?
- Саволингизни тўғри қабул қиламан. Бу гап ҳамма жойда бор. Жамоа ютса ҳамма ютади, жамоа ютқазса мураббий ютқазади. Буниям тўғри тушунаман. Охирги сўз клубимиз раҳбариятида қолади.
Мен Навоийда туғилиб ўсганман ва доим Навоий футболини ривожлантиришга ҳаракат қилганман. Лекин ҳозир вазият қалтис ва барча кўриб турибди. Мен ўзимни оқламоқчи эмасман. Айтиб ўтганимдек, ўтган йилги таркибни олиб қолдик, футболчиларга ишонамиз. Мен ҳақимдаги охирги сўзни раҳбарият айтади.




