

- Ўйин ҳақида фикрингиз?
- Учрашувга яхши ҳозирлик кўргандик, рақибни ҳам яхши ўрганиб чиққандик. Афсуски, 0:2 ҳисобида мағлубиятга учрадик. Ҳозир шундай вазиятга тушиб қолганмизки, ҳаммаси бизга қарши ишлаяпти. Гап мағлубиятлар ҳақида кетмоқда, бунинг сабабларини топишга ҳаракат қиляпмиз. Ютса жамоа ютади, ютқазса мураббий ютқазади дейишади. Учта ўйиндан бери ўзимизга кела олмаяпмиз. Насиб қилса кейинги баҳсларда буни тўғрилашга ҳаракат қиламиз. Навоийдан келиб бизни қўллаб турган ишқибозларга раҳмат айтаман. Ойнинг ўн беши ёруғ бўлса, ўн беш қоронғу деган гап бизга мос тушяпти. Ўйлайманки, кейинги учрашувлар жамоамиз фойдасига ҳал бўлади.
- Айтиб ўтганингиздек, жамоа учта ўйиндан бери ютмаяпти ва гол ҳам урмаяпти. Бундан мухлислар жуда хафа. Нега бундай бўляпти? Иккинчи саволим, "Қизилқум" ҳужумида бошқа вариантлар борми?
- "Нефтчи" билан ўйиндан кейин айтгандим: Ислом Кенжабоев жароҳат олиб сафдан чиқиб қолди. Бизда жужумчилардан Шоҳруз Норхонов билан Олексей Шебетун бор. Йил бошида шу уч футболчига ишонч билдирганмиз. Ротация билан ўйнатиб турамиз деганмиз. Бу футболчиларга ўринбосар сифатида маҳаллий ёшларни чиқарамиз деган режа бўлган. Ислом Кенежабоев жароҳат олди, Асрор Ғофуров жароҳат олди, шу билан жамоа механизми бузилди. Лекин барибир кейинги баҳсларни ютмасак бўлмайди, бошқа йўл йўқ.
- Голсиз серия ҳақида...
- Вазиятлар яратяпмиз, лекин тўп кирита олмаяпмиз. Агар гол урмасак, жамоа ютқазади. Максимум дуранг бўлиши мумкин. Лекин гол урмасак, орқадаги ўйинчиларга ҳам қийин бўлади, буни жуда яхши тушуниб турибмиз. Машғулотларда ишлаяпмиз, лекин ўйинда тўпнинг дарвозага киргиси келмаяпти. Балки омад биздан юз ўгирган бўлиши мумкин.



