Александр Ежов: "Футболда ғалаба ва мағлубият ёнма-ён юради"

Narzulla Saydullayev
30 апр 2021
Ўзбектстон Coca-Cola кубоги гуруҳ босқичининг 3-туридан ўрин олган "Шўртан" - "Хоразм" (4:1) учрашувидан сўнг меҳмонлар бош мураббийи Александр Ежов ўз фикрларини билдириб ўтди.




Ўйин ҳақида

- Бугун қийин ўйин ўтказдик. "Шўртан" билан чемпионат доирасидаги ўйинда ғалаба қозонгандик. Бугун кўриб турганингиздек мағлубиятга учрадик. "Шўртан" дисквалификация ва жароҳатлар туфайли муаммоларга учраб келаётган эди. Бугун уларда ишонч пайдо бўлибди, жамоа ҳужумкор ўйин намойиш этди. Ишлашда давом этамиз, олдинда бизни Про-лигада муҳим ўйинлар кутиб турибди.

- "Шўртан"ни чемпионат доирасида мағлуб этгандинглар. Бугун эса жамоангиз ютқазди. Бунинг сабаби нимада?


- "Шўртан" яхши жамоа, таркибида бир қатор маҳоратли футболчилар жам бўлган. Бугун бизда хатолар кўпайиб кетди. Шунинг эвазига мағлуб бўлдик. Йигитлар ҳужумга берилиб кетганида қарши ҳужумда юзага келган бўш худудлардан рақиб унумли фойдаланди.

- Жамоангиз олдига жорий мавсумда қандай вазифалар қўйилган?


- "Хоразм" ҳар бир ўйинда майдонга ғалаба учун чиқади. Жамоамиз олдидаги мақсад ва вазифа шулардан иборат. Рақибни мағлуб этсангиз табиий холда натижа ўз-ўзидан келаверади.

- "Шўртан" жамоаси мураббийи жамоангизни очиқ футбол ўйнайди деб таъкидлади. Жамоангизни мағлубиятига шу омил сабаб бўлди деб ҳисоблайсизми?

- Такрор айтаман, "Шўртан" яхши жамоа. Футболда ғалаба ва мағлубият ҳамиша ёнма-ён юради. Шу сабабли бу спорт тури қизиқарли ҳисобланади. Жамоа ютқаздими, демак мураббий қаердадир хато қилган. Шундай экан камчиликларимиз устида ишлашда давом этамиз.


Narzulla SaydullayevМуаллиф
Манба: championat.asia