Дилшод Раҳматов: "Колумбия 2 та, Литва 1 та зал билан Жаҳон чемпионати ўтказган бўлса, Ўзбекистонда имконият бундан ҳам кенгроқ"

Mirjalol Normatov
2 jul 2023
Сир эмаски, яқинда ФИФА томонидан Ўзбекистонга 2024 йилги футзал бўйича Жаҳон чемпионати ишониб топширилди.

Бу борада терма жамоамизнинг етакчи ўйинчиси Дилшод Раҳматовнинг фикрлари билан қизиқдик. 

- Жаҳон чемпионатини Ўзбекистонга берилганлиги ҳақидаги хабарни биринчи ўқиганизда нималар ўтди, қандай фикрлар юзага келди?

- Хабарни ўқиб жуда хурсанд бўлдим. Кўзимга ёш келди, десам муболаға бўлмаса керак. Мураббийларимга қўнғироқ қилиб табрикладик. Ўзбекистонга оддий мусобақа эмас, нуфузли Жаҳон чемпионати мезбонлиги берилди. Бу катта масъулиятлигини ҳис қиляпмиз. Жаҳон чемпионати бекорга Ўзбекистонга берилмаганини исботлашимиз ва кучли тайёргарлик кўришимиз керак. 

- Шу пайтгача Осиё чемпионатларини яхши савияда ўтказганмиз. Нима деб ўйлайсиз, Жаҳон чемпионатини қандай ўтказамиз?

- Тўғри айтдингиз. Осиё чемпионатини ўзимизда 3 маротаба қабул қилганмиз. Биз бу борада етарлича тажрибага эгамиз. Аммо мундиал бошқа даражадаги мусобақа. Бутун дунёдан термалар келади. Ўйлайманки, шароитларимиз етарли. 2016 йил Колумбияда бўлиб ўтган Жаҳон чемпионатида бўлганимизда 2та шаҳарда, 2дона зал билан мусобақа ўтиб кетган. Литвада адашмасам 1та залда ҳамма учрашувлар ўтказилганди. Бизда бундан ҳам имкониятларимиз кенгроқ. Тошкентда "Хумо", "Юнусобод" мажмуаларимиз бор. Вилоятларда янгилари қурилмоқда. Машғулот залларимизда муаммо бўлмайди, деб ўйлайман. Литвада бизга университетни ўртамиёна машғулот зали берилган. Бизда футзалга янада эътибор кучаймоқда. Буни энди биргаликда аъло даражада ўтказамиз. 

- Ўзбекистон мезбон, демак Жаҳон чемпионатида иштирок этишимиз аниқ. Бу нарса олдиндаги мусобақаларда футзалчиларга таъсир қиладими?

- Ундан олдин бизда яқинда CAFA мусобақасида тўп тепамиз. Кейин яна бир нечта яхши жамоалар билан ўртоқлик учрашувлари, саралаш баҳслари, Осиё ўйинлари кутиб турибди. Бу ўйинлар билан Жаҳон чемпионатига тайёрланамиз. Бўшашмаймиз. Босқичма-босқич оптимал ҳолатда етиб келишга ҳаракат қиламиз. Испаниядан биз учун бегона бўлмаган жисмоний тайёргарлик бўийча мураббий келмоқда. Ҳаммаси яхши бўлди. 

- Осиё чемпионати саралаш босқичига қуръа ташланди. Рақиблар бу сафар ноодатийми? Енгилдан оғир даражага қараб рақибларга баҳо бера оласизми?

- Олдинлари кўп ҳолларда қуръа бизга қўшниларимизни тақдим қиларди. Энди эса нисбатан кучлироқ жамоалар рақиблик қилади. Ироқ ҳар доим бош оғриқ бўлиб келган. 2016 йил Осиё чемпионатида 3:0 ҳисобида, 2018 йил пенальтилар сериясида ғалаба қозонгандик. Ўтган йили Жаҳон чемпионатига кетишдан олдин Тошкентда ўртоқлик ўйинида қатнашганмиз. Ироқ футзал ўйнашни яхши билади. Уларда Қозоғистон терма жамоасининг собиқ мураббийи Какао ишламоқда. Уни бутун дунёда яхши билишади. Осонликча ўйинни бериб қўймайди. Малайзия ва Камбоджа ҳам ривожланмоқда. Малайзия ўсишга эришганини кўрдим. Камбоджа бироз нотаниш рақиб. 

- Дилшод Раҳматов Жаҳон чемпионатида ўйнайдими? Чунки ўзингизни футзал мактабингиз фаолияти ҳам кетмоқда...

- Худо хоҳласа Осиё ва Жаҳон чемпионатида ўйнаш ниятим бор. Мураббийлар ишонч билдиришса, ҳали ўйнайман. Жаҳон чемпионатидан кейин бир қарорга келишни ўйлаяпман. "Family Team" футзал мактабимизни фаолиятини олиб боряпмиз. Машғулотлар кетмоқда. Фаолиятимга тўсқинлик қилмайдиган йўлини топганмиз. Ёрдамчи мураббийларимиз бор, улар футзал юлдузлари. Бу футзал мактабимиз келажакда кучли футзалчиларни етказиб беришига ишонаман. 

Абдулазиз Искандаров суҳбатлашди


Mirjalol NormatovМақола муаллифи
Муқова: championat.asia

Изоҳлар

Intillect 2060
2 jul 2023
Дилшод энди етар ёшларга ўринларни бўшатиш вақти келди.
Soccerland777
2 jul 2023
Тренеримиз бош оғриқ... Европа ё Бразилиядан опкелмаса, ўзгариш бўлмайди
FREND UZBEKISTAN
2 jul 2023
Doim o'zimiz haqimizda pastga urib gapiramiz ammo o'sha futbolda deymizmi futzal deymizmi jahon chempionatini o'tkazyaotganlar bizni darajamizdan past bo'lsa past ammo yuqori emas.
Davronbek Abduvaliev
2 jul 2023
ЖЧ ни Колумбия ва Литва битта, иккита зал билан утказган булса, Узбекистон да бундай катта заллар тикилиб етибдику
Davronbek Abduvaliev
2 jul 2023
ЖЧ ни Колумбия ва Литва битта, иккита зал билан утказган булса, Узбекистон да бундай катта заллар тикилиб етибдику