Мутахассис фикри — "Бердиев Кападзедан, Бабаян Абрамовдан устун келади"

Iskandarov Abdulaziz
29 фев 2024
Эртага 1 март куни билан баҳор фасли билан бирга футбол байрами ҳам старт олади.

Суперлига карвони катта йўлга чиқмоқда. Бу йўлнинг бошланиши қандай бўлиши барчага қизиқ. Ҳали учрашувлар бошланмасиданоқ чемпионлик имкониятлари, аутсайдерлар ким бўлиши ҳақида баҳс-мунозалар авжига чиқмоқда. Лекин шуни айтиш мумкинки, 1-тур одатда алдамчи ва хулосалар қилишга эрта палла ҳисобланади. Биз эса эртанги ўйинлар олдидан тажрибали мутахассис Бахтиёр Ашурматовнинг фикрлари билан қизиқдик.


- "Навбаҳор" "Насаф" билан бирга бу йилги чемпионлик учун асосий даъвогарлардан бири ҳисобланади. Абрамов бошчилигидаги "Динамо" имконияти даражасида "Навбаҳор"га қаршилик кўрсатади. Лекин фикримча, "лочинлар" ўз мухлислари қаршисида ишончли ғалабага эришади. "Навбаҳор" 2та тўп фарқи билан ғалаба қозонишини тахмин қиламан,.


- Қарши жамоаси қишки селекция жараёнини жуда фаол олиб борди. "Насаф" бу йил ҳар доимгидан ҳам чемпион бўлиш учун тайёр, деб ҳисоблайман. Кападзе жамоаси ҳар бир жамоага бош оғриқ бўлади. Якунда "Насаф" уйда битта тўп фарқи билан 3 очко қўлга киритади.


 

- Иккита 5-6 учун курашадиган жамоалар тўқнашуви. "Бунёдкор"да кўп ўзгаришлар юз берди. Бу мен учун ҳозирча жумбоқ жамоа ҳисобланади. "Қизилқум" ўтган йилги таркибни сақлаб қолишга ҳаракат қилди. Жўрабеков ва Лобжанидзе каби яхши савиядаги ўйинчилар билан таркибни кучайтирди. Айнан Элгужа Лобжанидзе Суперлига кашфиёти бўлади, деб ўйлайман. Бу ўйинг тахминим эса дуранг. 



- Бу ўйинни 1-турнинг марказий қарама-қаршилиги дея оламиз. "Сўғдиёна" ўрта кучга эга бўлган жамоа. "Нефтчи"нинг селекцияларидан келиб чиқиб чемпионлик учун курашда "Навбаҳор" ва "Насаф"га рақобат туғдириши мумкин. Шу куни икки жамоа ҳам ғалаба учун ҳаракат қилади. Учрашув дуранг билан якунланса керак. 0:0 ёки 1:1 қайд этилишини тахмин қиляпман. 


- ОКМКнинг амалга оширган селекциялари чемпионлик учун курашадиган жамоалар қаторидан узоқлаштирди. Лекин бугун қилинган ўзгаришлар бир неча йил ўтиб мевасини бериши керак. Жамоа ўтган йилгидан ёшартирилди. "Андижон" эса Хомяков бошчилигида ўтган йилгидек жанговар ва курашувчан жамоа бўлиши шубҳасиз. Тахминим, ОКМК минимал ҳисобда ғалаба қозонади.



- "Локомотив"да катта ўзгаришлар бўлди. Жамоа Про лигадан чиққанига қарамасдан мураббий Денис Коростиченко ишдан бўшатилди. Унинг ўрнига баҳо беришимиз қийин бўлган мураббийлар штаби иш бошлади. "Локомотив" муносиб иштирок этса, 5-6 ўринлар учун курашади. "Металлург" эса асосий таркибни сақлаб қолди. Иккита ўртамиёналар жанггида дуранг бўлади.



- "Сурхон" ўтган йили кучли ўйин кўрсатди. Улар шуни сақлаб қола оладими ёки йўқ барчага қизиқ. "Пахтакор" эса таркибни жуда ёшартирди. Жамоани етакчи ўйинчилар тарк этди. Келажакни ўйлаб селекция қилишди. Фикримча, жорий мавсумда чемпионлик учун кураш "Пахтакор"сиз ўтса керак. Жамоада кўп ўзгаришлар бўлганига қарамасдан 1-турда "Сурхон" устидан минимал ҳисобда ғалаба қозонса керак. Футбол кутилмаган натижалар билан қизиқ. Биз шунчаки тахмин қилишимиз мумкин. Барча яхши ният билан янги мавсумга кириб келишмоқда. Иштирокчи жамоаларга омад тилайман.


Iskandarov AbdulazizМуаллиф
Манба: championat.asia