

- Ўйин ҳақида фикрингиз?
- Бугун миллий чемпионатдаги 5-турни ўтказдик. Афсуски, ютқазиб қўйдик. Ҳисоб ўйинга мос бўлмади. Баъзи вазиятларда "Насаф" тўп билан кўпроқ муомала қилган бўлса-да, деярли хавфли вазият ярата олмади. Биз учун бу аламли мағлубият бўлди. Бир вазиятда тезкор ҳужумни ўтказиб, бунинг натижасида гол ўтказдик.
Рақиб тезкор ҳужумларда яхши ҳаракат қилишини билардик, айниқса стандартдан сўнг дарвозабон тўпни ўйинга киритса. Битта хато голга олиб келди. Хатога йўл қўйдик ва мағлуб бўлдик. Янги жамоа тузаётганда бундай мағлубият алам қилади. Футболчилар руҳиятига ҳам қаттиқ таъсир ўтказади. Албатта, хатоларни таҳлил қиламиз ва олдинга ҳаракат қилишда давом этамиз.
Мен мухлислар учун қаттиқ афсусдаман. Шунча узоқ йўл босиб бизни қўллаб туришди, бироқ мағлубиятга учраб уларни хафа қилдик. Бунинг учун ишқибозлардан узр сўрайман. "Насаф" биз учун принципиал рақиб эди, шу боис ютқазганимиз жуда алам қиляпти. Лекин биз ҳам кучли жамоамиз ва бу мағлубият бизни синдириб қўймаслиги керак. Ўйинни таҳлил қиламиз, хатоларни ўрганамиз.
- Бугун "Андижон" рақибга яхши қаршилик кўрсатди, бироқ Черан, Боаке каби яхши футболчиларга вақтида "снаряд" етказиб берадиган футболчи кўринмади. Шу боис бу икки футболчи кўп ҳолларда тўпсиз қолиб кетди.
- Позицион ҳимояланишда ҳамма яхши ўйнади. Биз тўпни анча орқада қабул қилиб олдик. Шу боис Черан - Боаке боғлами биргаликда иш бермади. "Снаряд" етказиб берувчига келсак, таянч ярим ҳимоямизда муаммолар бор. Бизни таняч ярим ҳимоядаги ўйин қониқтирмаяпти. Ҳужумни ривожлантиришда ҳам динамика кўринмаяпти. Гол ўтказиб юборилган вазиятда тўлиқ ҳимояланишга улгурмадик. Сабаблар кўп, айтганимдек таҳлил қилишимиз керак. Ўйлашимча, вазият ҳам ярата олмадик, анча орқада тўпни қабул қилиб олдик ва рақиб дарвозаси томон 50-60 метр босиб ўтиш осон бўлмади. "Насаф" ҳимояда жуда тартибли ўйин намойиш этди, бу ҳам уларга қўл келди.



