"ТерДУ" бош мураббийи Элдор Бойматов: "Ўйин жамоамиз назорати остида кечди"

Пролига 2-туридан ўрин олган "Яйпан" – "ТерДУ" (2:1) учрашувидан кейин "ТерДУ" жамоаси бош мураббийи Элдор Бойматов матбуот анжуманида иштирок этди.

- Ўйин ҳақида фикрингиз?

- Учрашув жамоамиз назорати остида кечди. Фақат ўз имкониятларимизни голга айлантира олмадик. "Яйпан" жамоаси вазиятлардан фойдаланиб ютиб кетди. Дарвозабонимиз хатосидан сўнг гол ўтказиб юбордик.

- Тезкор гол режаларингизни қай даражада ўзгартирди?

- Тезкор гол ҳар доим режани ўзгартиради. Бошида 15 дақиқа ҳимояни мустаҳкам ушлаб рақибга имкон бермасликни мақсад қилгандик. 20-дақиқадан кейин ўз ўйинимизни кўрсата бошладик. Охиригача назорат бизда қолди.

- Иккинчи бўлим ярмидан сўнг жамоангиз ўйнамай қўйди. Бу ҳақда нима дея оласиз?

- Аксинча, иккинчи бўлим ярмидан кейин бизда вазиятлар кўп бўлди. Ҳисоб 2:1 эди ва кўп марта ҳужумга ўтдик. Балки чизиқлар орасида узилиш бўлгандир, бу ҳам ҳужумга ўтганимиз учун шундай кўринган. Биз шундан сўнг учта вазият яратдик, фақат гол ура олмадик.


Манба: championat.asia