Улуғбек Бакаев: "U-21 жамоамизни доим кузатиб келяпмиз"

Aslanov Jasurbek
13 апр 2026
Суперлига 7-туридан ўрин олган "Қизилқум" – "Сўғдиёна" (1:3) учрашувидан кейин "Сўғдиёна" бош мураббийи Улуғбек Бакаев матбуот анжуманида иштирок этди.

- Ўйин ҳақида фикрингиз?

- Ўйин яхши бошланди, ҳар икки жамоа ҳам ҳимояда ўйнаб, ҳам ҳужумга ўтди. Биринчи таймда гол уришга муваффақ бўлдик, ўша вазиятда ярим ҳимоячи хатога йўл қўйдими ё ҳимоячими, ҳозир бир нарса дейишим қийин. Кейин иккинчи голни урдик ва танаффусга йўл олдик. Иккинчи бўлимда тезкор қарши ҳужумга ўтиб, яна тўп киритдик. Ва охирида битта гол ўтказиб юбордик. Жамоамизни мавсумдаги илк ғалаба билан табриклайман. Бугун майдонга тушган ҳамма борини берди, тартибли ўйин намойиш этишга ҳаракат қилдик. "Қизилқум" жамоасига кейинги баҳсларда омад тилайман.

- Ўтган йил ва ундан олдинги йил аксар мураббийлар U-21 бир кун олдин ўйнаши керак деб "йиғлашганди". Мана ҳозир 7та тур ўтдики, мен биронта бош мураббийни U-21 ўйинларида кўрмадим. Шундай экан, бу мавзуни кўтаришнинг нима кераги бор эди?

- Мен учун бу саволга бериш қийин. Лекин сизни ҳурмат қилганим учун жавоб беришга ҳаракат қиламан. Балки бош мураббийларда вақт бўлмаётгандир, балки ёрдамчи мураббийлар U-21 ўйинларига бораётгандир.

U-21 мусобақасини ўтказишдан мақсад ёшларни кўриб олиш ва яхши футболчиларни асосий жамоага таклиф этиб рақобат шакллантириш. Ҳозир технология даврида яшаяпмиз: ўйинлар видеога олиняпти, ҳаммада ёзувлар бор, хуллас маълумотга эга бўлиш имконияти кўп. Шахсан мен учун U-21 жамоалар баҳси асосий жамоа ўйинидан бир кун олдин ўтказилгани яхши. Чунки ўзини кўрсатган ёшларда эртаси кун қайдномага кириш имкони бўлади.

Бизнинг жамоада ёрдамчиларим ҳар доим U-21 ўйинларини стадионга бориб кўради. Кеча асосий жамоа уч футболчисини U-21га юбориб улар ҳақида тегишли баҳони билиб олдик. Бошқалар ҳақида гапира олмайман, лекин биз U-21 жамоамизни доим кузатиб келяпмиз.

- Бугунги муваффақиятнинг асосий калити нимада?

- Иккала жамоа ҳам ўйиндан олдин ўрага тушиб қолганди. Рақибимиз бунгача ғалаба қозонган бўлса, бизда умуман ғалаба йўқ эди. "Қўқон-1912" билан баҳсда 2та тўп киритиб, кейин 2та гол ўтказдик. "Динамо" билан 1:0 ҳисобида олдинга ўтиб олиб, якунда иккита ўтказдик. Бундан кўрдикки, футболчиларни аввало руҳан тайёрлаш керак. Иккинчи масала, жамоанинг жисмоний ҳолати. Биз 70-дақиқаларга келиб гол ўтказяпмиз. Бугунги ўйиннинг 50-дақиқасида "Қизилқум" ҳужум ташкил этиб, рақиб ўйинчиси 20 метрдан зарба йўллади. Яхшиямки бу вазиятда дарвозабонимиз голдан қутқариб қолди. Агар рақиб гол урганида учрашув қандай кечарди, билмайман.

- Жамоангиз дарвозабони Шоҳруҳ Исоқов жуда чиройли иккита сейвни амалга оширди.

- Бу унинг иши. Керак бўлса, иккита эмас ўн марта сейв қилиши керак. Биз унга ишоняпмизми, демак у ҳам ишончни оқлаши керак. Ҳозирча энг кўп гол ўтказган жамоа биз бўлиб турибмиз. Шоҳруҳ бу статискани кўриб хулоса чиқариши лозим. Унинг "нолга" туришини хоҳлайман ва бу борада унга омад тилайман. Барчаси ўз қўлида.

DSC_0006.JPG


Aslanov JasurbekМуаллиф
Манба: championat.asia