Башар Ресан Ироқни жаҳон чемпионатига йўл олгани билан табриклади

Aslanov Jasurbek
1 апр 2026
"Пахтакор" клубининг ироқлик ярим ҳимоячиси Башар Ресан ўз ватандошларини 2026 йилги Жаҳон чемпионатига йўлланмани қўлга киритганлиги билан табриклади.

1 апрель куни Мексикада қитъалараро плей-офф босқичининг ҳал қилувчи учрашуви бўлиб ўтди ва унда Ироқ терма жамоаси Боливия устидан 2:1 ҳисобида ғалаба қозониб, мундиал йўлланмасига эга чиқди.

Ушбу тарихий баҳсда Али Ал-Ҳамади (10-дақиқа) ҳамда Айман Ҳусайн (53-дақиқа) томонидан киритилган голлар ироқликларга 1986 йилдан бери илк бор Жаҳон чемпионатида иштирок этиш бахтини тақдим этди (боливияликларнинг ягона голига 38-дақиқада Моисес Паниагуа муаллифлик қилди).

Шу муносабат билан, айни пайтда Тошкентнинг "Пахтакор" жамоаси шарафини ҳимоя қилаётган Башар Ресан ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаси орқали Боливия устидан қозонилган ғалаба акс этган суратни жойлаб: "Жаҳон чемпионати сари. Халқимизни ушбу муваффақият билан муборакбод этаман", дея изоҳ қолдирди.

Таъкидлаш жоизки, Грэм Арнольд бошқарувидаги Ироқ миллий терма жамоаси АҚШ, Канада ва Мексика яшил майдонларида бўлиб ўтадиган бўлажак мундиалнинг "I" гуруҳидан жой олди ва у ерда Франция, Сенегал ҳамда Норвегия терма жамоаларига қарши баҳс олиб боради.

photo_2026-04-01_13-46-54.jpg


Aslanov JasurbekМуаллиф
Манба: