Фарҳод Нишонов: "Жамоамдан бошқача ўйин кутгандим"

Бугун Пролига янги мавсумига старт берилди. Ўз майдонида "Олимпик Мобиуз"ни қабул қилган "Шўртан" 1:0 ҳисобида ғалаба қозонди.

Ўйиндан кейинги матбуот анжуманида "олимпиячилар" бош мураббийи Фарҳод Нишонов иштирок этди.

- Ўйин ҳақида фикрингиз?

- Ўйинга яхши тайёргарлик кўриб, ғалаба қозонишни хоҳлагандик. Лекин афсуски, баҳс биз кутгандек кечмади. Мен жамоамдан бошқача ўйин кутгандим. Нимаям дердим бу - футбол, мағлубиятдан хулоса чиқариб ишлашда давом этамиз.

- "Олимпик Мобиуз" олдига бу мавсум аниқ бир мақсад қўйилганми?

- Жамоамиз олдидаги энг катта вазифа - Олимпия терма жамоамизга ўйинчи етказиб бериш, чунки клубимиз олимпиячилар учун база ҳисобланади. Бизни жиддий вазифа кутиб турибди, лекин буни ҳамма ҳам тушунмаяпти. Мақсадимизни айрим футболчилар тушуниб, айримлар тушунмаяпти. Қолаверса биз Суперлигани мақсад қилганмиз.

- Жамоа бугун оддий гол ўтказди деб ҳисоблайсизми?

- Гол бўлган вазиятни кўрмадим, лекин унгача йўл қўйилган хатони кўрдим. Ўйинни кўриб таҳлил қиламиз.

- Февраль ойида "Олимпик Мобиуз"да маошлар билан боғлиқ муаммо борлиги ҳақида ёзишганди. Ушбу муаммо бартараф этилдими?

- Ким ёзганди? Бизда муаммо йўқ, ҳаммаси жойида. Футболчи ривожи учун максимал шароит қилинган. Фақат футбол ўйнасак бўлгани.

- Клуб раҳбарияти билан муносабатингиз қандай?

- Биз узоқни кўзлаб режа қилганмиз. "Олимпик Мобиуз" қисқа муддатли лойиҳа эмас. Раҳбарият билан муносабатим яхши. Ўтган йил Суперлигага чиқиш имкониятимиз юқори эди. Таркибимиз 80 фоизга янгиланди, лекин ўйин услубимиз ўзгаргани йўқ. Кейинги учрашувларда ҳам йигитларга ишонамиз.

- Жамоа таркибида қайси футбол мактаб тарбияланувчилари бор?

- Кўп академиялардан ўйинчи олганмиз. "Насаф" ва "Қизилқум" ўз футболчиларини қайтариб олишди. Бир ўйинчимиз "Нефтчи"га трансфер бўлди. "Локомотив"га ҳам футболчимиз кетди. Ҳозир жамоада турли вилоятлардан футболчилар бор.

- Мақсад Суперлигага чиқиш деяпсиз, лекин нима учун маҳоратли футболчиларни ушлаб қолиш имкони бўлмаяпти?

- Мен ҳам сифатли футболчилар кўп бўлишини хоҳлайман. Суперлигада тўп тепаётган яхши футболчилар бор, лекин улар Суперлигада ўйнаяпти. Биз эса терма жамоада рақобат кўпроқ бўлиши учун бошқа футболчиларни танлаяпмиз. Бизга қолса ҳамма яхши ўйинчилар Суперлигада ўйнагани маъқул. Бу ҳам терма жамоа учун яхши бўлади.

- Бугун "Шўртан" ўйинидан қандай таассурот олдингиз?

- "Шўртан" ҳар доим яхши футбол намойиш этган. Мураббийни ҳам яхши биламан. Жамоанинг охирги ўйинларини кўриб чиққандик ва рақиб биз кутган футболни намойиш этди.


Манба: championat.asia