

- Ўйин ҳақида фикрингиз?
- Пролига янги мавсумини ҳамма соғиниб қолгани ўйинда сезилди. Мухлислар ҳам соғинган экан, қолаверса жамоалар ҳам шунга монанд ўйин намойиш этишди. Бугун биз ҳимоявий тактикани танладик ва ўз имкониятимизни тезкор қарши ҳужумларда синаб кўрдик.
Ҳимоявий ўйинимиз ёмон чиқмади. "Арал" жамоасининг кучли тарафларини бартараф қила олдик деб ўйлайман. Фақат ҳимоядан ҳужумга ўтишда муаммолар бор ва бунинг устида ишлаймиз. 11 метрлик жарима ўйиннинг ўзгариш қисми бўлди. Менимча, ўша вазиятда пенальтига тортадиган қўполлик бўлмаганди.
Лекин нима бўлса ҳам вазият ортда қолди. Афсуски, мағлубиятга учрадик. Ўз олдимизга қўйилган мақсад бор. Ёшларни катта футбол сари ривожлантиришни, рақобатбардош жамоа шакллантиришни хоҳлаймиз. Биргина дарвозабонни олмасак, бошқа ўйинчиларимиз учун Пролига дебют бўлди. Дебют учун бу ҳаракатни яхши дея оламан. Йигитлар интизомга яхши амал қилишди ва ушбу ўйин учун шогирдларимга раҳмат айтаман.
- Ўзбекистон U-17 терма жамоасида ўйнаган Асилбек Алиевнинг ҳозирги формаси ҳақида?
- Асилбекни бундан ҳам яхши ҳолатда кўрганмиз ва бундан ҳам яхши ҳолатга чиқа олади. У билан руҳий томонлама иш олиб боряпмиз. Асилбек бугун ёмон ўйин кўрсатмади, лекин салоҳияти анча юқори.
- Ёш иқтидорли футболчи Эммануэль Эмонкпайр умумий қайдномада бор, лекин бугунги баҳсда кўринмади?
- Бу футболчимиз Ўзбекистон U-16 терма жамоаси сафида CAFA мусобақасига ҳозирлик кўряпти. Ушбу турнир ниҳоясига етганидан сўнг сафимизга қайтади.
- "Арал" жамоасининг ўйини ҳақида...
- Биринчи тур уйда ўйнаш осон кечмаслигини биламиз. "Арал"да ҳам шу нарса сезилди. Биз танлаган ўйин услуби рақибга ноқулайлик туғдирди деб ўйлайман. "Арал"да ўзини тўлиқ кўрсатиш учун муаммолар пайдо бўлди. Лекин "Арал" ўз майдонида кучли жамоа, бу жамоа ҳатто Суперлига вакилига ҳам қийинчилик туғдира олади. Бугунги ўйин учун шогирдларимга раҳмат айтаман. Насиб қилса биз яна ривожланамиз.



