

"Иккита ғалабадан кейин қониқарсиз натижа қайд этдик. Барча ўйинни ютиб бўлмайди. Ҳакам ҳуштаги чалингунига қадар ўйнаш керак. Барча йигитларга ўйин учун раҳмат, кейинги ўйинларга тайёргарликни бошлаймиз", - дейди Улуғбек Бақоев.
- "Сўғдиёна" ҳимояда анча тартибли ўйнамоқда. Жамоа ҳимоясида "автобус" борлиги ҳақида фикрлар бор. Бунга қандай қарайсиз?
- Бугун "автобус" бўлмадику, икки ҳужумчи билан ўйнадик. Шунчаки гол урганимиздан кейин ҳимояга кўпроқ эътибор қилдик ва бир ҳужумчи билан ҳаракат қилдик. Бугун ҳимоядан ўйнашга мажбур қиладиган рақиб билан ўйнамадик.
- Ҳакамларга эътирозингиз борми?
- Йўқ. Шунчаки ўйин пайтида эҳтирослар жумбушга келади. Ҳакамларга бугунги ўйин учун раҳмат.
- Саҳоб Рашидов ҳақида қандай фикрдасиз, қачон уни асосий таркиб ҳужумчиси сифатида кўрамиз?
- (кулади) Ўтган йил уни майдонга туширганимда нега уни тушираяпсиз деб сўрашганди. Энди нега туширмаяпсиз деяпсиз. Вақти келса барча ёшларни майдонга туширамиз. Уни кузатиб бораяпман, Саҳоб U-21 Биринчилигида 8 ёки 9та гол урди. Нафақат унга, бошқа ёшларга ҳали имконият берамиз.
- Захирадан майдонга тушган ўйинчилар ўйинни кучайтиришдими?
- Албатта. Биз дарҳол гол урдик, ўйин жонланди. Шунчаки ўйин охирида консентрацияни йўқотиб қўйдик. Футболчиларга эътирозим йўқ, бу футбол. Рақиб чиройли гол урди.



