Илёс Қурбонов: "ОКМКга қарши ўйинга уч очко учун чиққандик. Колосовский унга таклиф бўлгани сабаб клубдан кетди"

Alisher
3 nov 2024
Суперлига 23-тур доирасидаги "Металлург" — ОКМК (1:1) ўйинидан сўнг мезбонлар катта мураббийи Илёс Қурбонов матбуот анжуманида иштирок этди.

— Бугун иккита турли тайм гувоҳи бўлдик. Биринчи бўлимнинг ярмидан сўнг ўйинни бўшаштириб юбордик, аммо рақиб вазиятлардан фойдалана олмади. Танаффусда йигитларга кўрсатма бердик ва иккинчи таймда улар яхши ҳаракат қилишди. Ўз вазиятларимиздан фойдалана олмадик.

Бизга ғалаба керак, вазиятнинг ўзингиз ҳам кўриб турибсиз. Бугун уч очкога ўйнаган эдик, аммо бироз етишмади. Йигитларга эса миннатдорчилик билдираман.

— Секулич ва Собиржонов бугунги ўйин учун қайдномада йўқ эди. Бунинг сабаби нимада?

— Уларда жароҳат бор эди. Улар бу ўйинга тайёргарлик кўришмади. Аммо, жароҳатлари жиддий эмас ва умид қиламанки, кейинги ўйинларда тайёр бўлишади.

— Колосовский кетганидан сўнг тактикада ўзгаришлар қилдингизми? Академиядан дебют қилган ўйинчилар ҳақида фикрингиз?

— Колосовскийда бошқа таклифлар бор эди, шу сабаб ўзининг хоҳишига кўра хайрлашдик. Бугунги ўйинда тактик ўзгаришлар бўлмади, сабаби вақт етарли эмасди. Таркибда бироз ўзгартиришлар киритдим. Академиямиздан 2007 йилда туғилган ўйинчини асосий таркибда туширдик. Ўйлайманки, дебют учун ёмон ўйин бўлмади. Яна бири захирада эди, аммо уни туширишга имкон бўлмади. Мақсадимиз академиядан ўйинчиларни асосий таркибда ўтказиш. Машғулотларга ҳам академиядан 6-7 нафар ўйинчилар жалб қиляпмиз.

— Бир неча ўйинлардан бери Шаҳзоджон Неъматжоновни асосий таркибда кўряпмиз. Аммо, фикримча, бугун унинг ўрнига туширилган Далер Шарипов яхшироқ таассурот қолдиргандек.

— Далер Шариповни захирадан майдонга тушириб, мақсадимиз ўйинни кучайтириш эди. Неъматжонов ҳам ёмон ўйин ўтказди деб бўлмайди.




AlisherМақола муаллифи
Муқова: championat.asia

Изоҳлар

"Булунгур"
4 nov 2024
Металлург умуман керак эмас жамоа,вилоят чемпионатида уйнаб юраверсин,хеч аанака максад булмаса,факат хар йили суперлигада жон саклаш булса,менимча бу комагда кимлардир чунтагини пулга тулдиришга ишлайди
Great Shokh
4 nov 2024
Kalyaska deganlari pulni ko'rsatsa orqasidan tez chopadigan shotirlardan, bitta murabbiy bitta mavsumda uchta jamoada ishlasa, yoki kuchli mutaxassismikina